Fotolavhalar

19.02.2025 734

Тадбиркорлик фаолиятининг корпоратив муносабатларида фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари кенгайиб бошқариш жараёни такомиллаштирилмоқда.

Тадбиркорлик фаолиятининг корпоратив муносабатларида фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари кенгайиб бошқариш жараёни такомиллаштирилмоқда.

 

Жамият ривожланиб борар экан, ижтимоий-маънавий юксалиш, турмуш фаровонлигига эришиш имкониятлари халқнинг орзу-умидлари билан мутаносиб равишда ошиб боради.

Кейинги йилларда тижорат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, юридик шахсларнинг ўз аҳамиятини йўқотган айрим ташкилий-ҳуқуқий шаклларини тугатиш ва корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бунда корпоратив муносабатлар ва юридик шахсларни бошқариш жараёнини такомиллаштириш, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга янги турдаги институтларни жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш, шунингдек юридик шахсларнинг эскирган ёки кам аҳамиятли ёхуд ўз аҳамиятини йўқотган ташкилий-ҳуқуқий шаклларини бекор қилиш зарурияти юзага келмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 7 февралдаги “Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1025-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг бир нечта қонунлари ва кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу Қонунга кўра:

унитар корхона ва қўшимча масъулиятли жамият шаклларини тугатиш;

юридик шахсларни қўшиб юбориш, қўшиб олиш ва ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш орқали қайта ташкил этишда корхоналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари топшириш ҳужжатида акс эттирилган ёки акс эттирилмаганлигидан қатъи назар қайта ташкил этилаётган юридик шахсга ўтказилиши;

корпоратив шартнома, консорциум ва консорциум шартномаси каби институтларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш;

масъулияти чекланган жамиятларнинг таъсис шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги талабни бекор қилиш;

хўжалик жамиятлари кузатув кенгашларининг акциялар, корпоратив облигациялар ва бошқа қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорларини ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ муҳим факт сифатида ошкор этиш;

қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан қимматли қоғозлар чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, шунингдек қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширишга доир лицензия берилганлигига тааллуқли ахборотни эълон қилишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу Қонун хўжалик жамиятларининг фаолиятини ва уларни бошқаришни соддалаштириш, корпоратив муносабатларни такомиллаштириш, хўжалик жамиятларининг акциядорлари ва иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янада ишончли воситаларини жорий этиш, амалиётда ўз аҳамиятини йўқотган қатор тартиб-таомиллар ва талабларни бекор қилиш орқали корпоратив муносабатлардаги бюрократиянинг олдини олишга хизмат қилади.

Термиз туманлараро иқтисодий суди раиси                                                                         Ж.Ачилов