Фуқаролар ва юридик шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимояси мустаҳкамланмоқда.
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимояси мустаҳкамланмоқда.
Жамият ривожланиб борар экан, ижтимоий-маънавий юксалиш, турмуш фаровонлигига эришиш имкониятлари халқнинг орзу-умидлари билан мутаносиб равишда ошиб боради. Демократик ривожланиш йўлидан бораётган мамлакатларда инсон орзу-умидларининг руёбга чиқиши жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қарор ва дастурларнинг бевосита самарасига, жамият аъзоларининг бу жараёндаги бевосита иштироки, ижтимоий фаоллигига боғлиқ бўлади.
Қисқа вақт ичида жамиятнинг янги демократик бошқарув тизими шаклланди, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд-ҳуқуқ тармоқларининг ўзаро муносабатлари аниқ-равшан белгиланмоқда. Жумладан, халқимизнинг одил судловга эришиш даражасини янада кенгайтириш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, бу фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви принципини, давлат манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш судлар томонидан фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўришда прокурорнинг иштирокига, шунингдек ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилишга тааллуқли процессуал нормалар янада аниқлаштирилишини тақозо этмоқда.
Яқинда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-968-сонли Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига прокурорнинг ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Мазкур Қонун судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш билан бирга прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Судьялар
У.Рахимов
Ж.Ачилов
Б.Абдуллаев
Surxondaryo viloyati