Videolavhalar

29.08.2024 704

БАҲОЛАШ ФАОЛИЯТИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

                                                         Баҳолаш фаолияти такомиллаштирилмоқда

 

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашга ҳамда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга, шунингдек мамлакатимизнинг халқаро рейтинглар ва индекслардаги кўрсаткичларини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Суд-экспертлик ва баҳолаш фаолиятини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш зарурати юзага келгани, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида баҳолаш фаолиятини тартибга солувчи айрим бўшлиқларнинг мавжудлиги (суд экспертлари ва баҳоловчи ташкилотлар учун баҳолашнинг умумий қоидалари ҳамда тартиб-таомиллари белгиланмаган) ҳамда уларни қайта кўриб чиқишни талаб этилаётгани сабабли, амалдаги бир қатор қонунлар қайта кўриб чиқилди ва керакли нормалар киритилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 26 августдаги “Баҳолаш фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-945-сонли Қонуни қабул қилинди.

Ушбу қонун билан «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритилиб, баҳоловчи назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширишларда ва бошқа тадбирларда фақат баҳоловчи ташкилот ҳамда ушбу органлар ўртасида тузилган шартнома асосида эксперт сифатида ҳам иштирок этиши мумкинлиги белгиланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг «Суд экспертизаси тўғрисида»ги ЎРҚ-249-сонли Қонунига киритилган қўшимчаларга мувофиқ, камида уч йил иш стажига эга бўлган суд экспертлари баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларда қўлланилган усулларнинг илмий жиҳатдан асосланганлиги нуқтаи назаридан суд экспертизасини ўтказиши мумкин.

Шунингдек, «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонуни 16-моддасига ўзгартириш киритилиб, текширишларни ўтказишда суд экспертининг хулосасига нисбатан белгиланган талабларга, шунингдек тегишли соҳадаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этиши белгиланди.

Мазкур Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юклатилди.

Ҳулоса қилиб атганда, қонунларни халқ учун манфаатли ҳуқуқий ҳужжатга айлантириш мақсадида олиб борилаётган ислоҳатлар қадрланиши ва эътироф этилиши лозим.

Бу жараёнларнинг иштирокчиси сифатида суд идоралари томонидан қонун ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти аҳолининг кенг қатламига тарғибот тадбирлари орқали етказилмоқда.

 

Денов туманлараро иқтисодий судининг судьяси                              Алимардонов Тўра Шодмонович