Ўзбекистон Республикаси “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Қонуни ҳақида
Ўзбекистон Республикаси “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Қонуни ҳақида
Ўзбекистон Республикаси “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги ЎРҚ-821-сонли 2023 йил 9 мартда қабул қилинган бўлиб, Қонун 10 боб,
56 та моддадан иборат.
Ушбу Қонуннинг мақсади давлат мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Хорижда турган давлат мулкини бошқариш ушбу мулк турган давлатнинг қонунчилиги инобатга олинган ҳолда амалга оширилади.
Давлат мулкини бошқаришнинг асосий принциплари қонунийлик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик, соғлом рақобат учун шарт-шароитларнинг тенглиги, давлат мулкига эгалик қилишнинг асосланганлиги, давлат мулкидан фойдаланишнинг самарадорлиги, мулкдор ва тартибга солувчи вазифаларининг ажратилганлиги, атроф-муҳитни ва табиий ресурсларни муҳофаза қилишнинг устуворлигидан иборат.
Давлат мулкини бошқариш Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
Давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган асосларга кўра юзага келади. Давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи шартномалар ва бошқа битимлар тузилганда, шу жумладан гарчи қонунда назарда тутилмаган бўлса-да, лекин унга зид бўлмаган шартномалар ҳамда бошқа битимлар тузилганда, мол-мулкни ва (ёки) мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини, солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорликни, шунингдек давлат улуши бўйича ҳисобланган дивидендларни хўжалик жамиятининг устав фондига (устав капиталига) киритиш йўли билан улушни олишда ва суд қарорлари асосида ҳам юзага келиши мумкин.
Давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган асосларга кўра бекор қилинади. Давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ва давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи мулкий ҳуқуқларни (улушларни) олиш эвазига бошқа шахсга ўтганда ҳам бекор қилиниши мумкин.
Мазкур Қонун давлат мулкини бошқаришни тубдан такомиллашишига ва давлат мулкини бошқариш самарадорлигининг ошишига хизмат қилади.
Термиз туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси Т.Музрапов
Surxondaryo viloyati