Конституция тушунчаси ва миллий қомусимизнинг яратилиши тарихи
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиши тарихи ҳақида сўз юритишдан олдин “Конституция нима?” деган саволга жавоб бериш мақсадга мувофиқдир.
Конституция (лотинча “Constitution” – тузилиш, тузук) – давлатнинг Асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.
“Конституция” атамаси Қадимги Римдаёқ маълум бўлган (император Конституцияси деб аталган қонун). Амир Темур “Тузуклар”и Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлган. У шариат қонунлари билан бир қаторда Марказий Осиё минтақаси халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган.
Асосий Қонунимиз Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолнинг 97 та мамлакати тўплаган илғор конституциявий тажрибани ҳисобга олиб яратилган.
Олий Кенгаш қарори билан 1990 йил 21 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди ва Конституция лойиҳаси ана шу комиссия томонидан 2 йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди.
Конституциявий комиссия бажарилган ишни маъқуллади ва 1992 йил 8 сентябрда Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилишга қарор қилди. Ушбу йиғилишда лойиҳани охирига етказиш ва таҳрир қилиш учун ишчи гуруҳ тузилди. Янги Конституциянинг биринчи лойиҳаси 1992 йил 26 сентябрь куни тайёр бўлди ва шу куни матбуотда чоп этилди.
Лойиҳа эълон қилингач, унинг умумхалқ муҳокамаси жуда кенг тус олди. Бу очиқ-ошкора муҳокамалар 1992 йилнинг сентябрь ойи охиридан декабрь ойи бошларигача фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, ижодий кўтаринкилиги руҳида ўтди ҳамда Ўзбекистонда демократия ривожининг самарали ва амалий мактаби бўлди.
Конституциявий комиссияга фикр-мулоҳазалар билдирилган 600 тага яқин хат келиб тушди. Республика матбуотининг ўзида Конституция лойиҳасига бағишланган юздан ортиқ материаллар эълон қилинди. Фуқароларимиз билдирган таклифлар сони 5 мингдан ошиб кетди.
Конституция лойиҳаси ўтказилган муокамалар давомида келиб тушган таклифлар асосида анча тузатилди ва қайта ишланди. Сўнгра, 1992 йил 21 ноябрда умумхалқ муҳокамасини давом эттириш учун Конституция лойиҳаси иккинчи марта газеталарда чоп этилди.
Конституциявий комиссия томонидан 1992 йил 6 декабрда Конституция лойиҳаси охирги марта муҳокама этилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Конституциявий комиссия хорижий конституциявий тажрибага мурожаат қилиб, Асосий Қонуннинг ролини яхлит тушунишдан келиб чиқди.
Олий Кенгаш сессиясига муҳокама қилиш учун киритилган Конституция лойиҳасига 80 га яқин ўзгаришлар, қўшимчалар таклиф этилди ва аниқликлар киритилди.
Парламент депутатлари томонидан лойиҳа моддама-модда муҳокама қилиниб, унга яна бир қатор ўзгартишлар киритилгач, 1992 йил 8 декабрь куни Бош Қомусимиз қабул қилинди. Шу кундан эътиборан, 8 декабрь – умумхалқ байрами деб эълон қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, Конституция халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттирадиган, унинг ҳимоясини таъминлайдиган ҳуқуқий асосдир.
Термиз туманлараро иқтисодий суди раиси Д.Жумаев
Surxondaryo viloyati