Ўзбекистон Республикаси “Архив иши тўғрисида”ги Қонуни ҳақида
Ўзбекистон Республикаси “Архив иши тўғрисида”ги ЎРҚ-252-сонли Қонун 2010 йил 15 июнда қабул қилинган бўлиб, Қонун 6 боб, 36 та моддадан иборат.
Мазкур Қонуннинг мақсади архив иши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг архив иши тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
Архив ҳужжатлари хусусий ҳамда оммавий мулк шаклларида бўлиши мумкин. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида турган архив ҳужжатлари, шунингдек улар томонидан давлат архивлари, музейлари ва ахборот-кутубхона муассасаларига топширилган архив ҳужжатлари давлат мулки ҳисобланади ҳамда мазкур ҳужжатлар давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, олди-сотди ёки мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бошқа битимлар объекти бўлиши мумкин эмас. Давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари давлат тасарруфидан чиқарилган ва хусусийлаштирилган тақдирда уларнинг архив ҳужжатлари, шу жумладан шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар давлат мулки бўлиб қолади ва белгиланган тартибда давлат архивларига топширилади. Нодавлат корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг архив ҳужжатлари, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари уларнинг хусусий мулкидир. Вафот этган фуқароларнинг Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган шахсий архив ҳужжатлари, васиятнома ёки қонун бўйича меросхўрлар бўлмаганда, шунингдек архив ҳужжатларининг мулкдорини аниқлаш имконияти бўлмаган тақдирда, давлат мулкига ўтади.
Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар қайта ташкил этилаётганда уларнинг архив ҳужжатлари тегишли давлат архивлари билан келишилган ҳолда мазкур корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқий ворисларига топширилади. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тугатилаётганда уларнинг архив ҳужжатлари қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли давлат ёки нодавлат архивларига топширилиши керак.
Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатлари Ўзбекистон халқи маданий меросининг ажралмас қисмидир. Миллий архив фонди Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисмидан ва давлатга тегишли бўлмаган қисмидан иборатдир. Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатларининг фуқаролик муомаласига ушбу Қонунда белгиланган чекловларга риоя этилган ҳолдагина йўл қўйилади.
Архив ҳужжатларини Миллий архив фонди таркибига киритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатлари мулкдорига мазкур ҳужжатлар рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома белгиланган тартибда берилади. Архив ҳужжатларини Миллий архив фонди таркибидан чиқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Миллий архив фондининг давлат каталогини юритиш «Ўзархив» агентлиги томонидан амалга оширилади.
Термиз туманлараро иқтисодий суди архив мудири Б.Бобоёров
Surxondaryo viloyati